Фойдаланиб бўлинган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган симобли лампа ресурсларини қайтариб олиб келган ҳар бир шахсга рағбатлантириш мақсадида бериладиган чегирма беш фоиздан ўн фоизга оширилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» Вазирлар Маҳкамаси қарори (pdf)га таяниб.
2011 йилдан буён амалда бўлган тартибга кўра, истеъмолчилар фойдаланиб бўлинган симобли лампа ресурсларини утилизацияга топшириши шарт.
Энди лампаларнинг синишини ва уларнинг таркибидаги симоб мавжуд бўлган моддаларнинг ҳавога чиқиб кетишини, сув манбаларига, тупроққа ва озиқ-овқат маҳсулотларига тушишини истисно этувчи махсус ўрнатилган контейнерлардан фойдаланган ҳолда маиший чиқиндиларни тўплаш пунктлари орқали амалга оширилади.
Савдо шохобчалари ва мажмуалари, шунингдек, фирма дўконлари ва ишлаб чиқарувчиларнинг ваколатхоналари орқали симобли лампаларни сотаётган савдо ташкилотлари фойдаланиб бўлинган симобли лампа ресурсларини мажбурий тартибда чекланмаган миқдорда қабул қилиб, уларни ишлаб чиқарувчиларга қайтариб топшириши шарт.