5 июль куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Рамазон мавсумидаги дастлабки 215 нафардан иборат гуруҳи умра сафаридан Ўзбекистонга соғ-саломат қайтиб келди, дея хабар бермоқда Дин ишлари бўйича қўмита расмий сайти.
Зиёратчиларни Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари кутиб олди.
25—28 июнь кунлари ўзбекистонлик зиёратчилар Рамазон ойидаги умра сафарига кузатилган эди.
Рамазон ойидаги умра зиёратида жами 672 нафар фуқароларнинг Тошкент – Жидда – Тошкент йўналиши бўйича 3 та чартер авиарейсида сафарлари ташкил этилди.
Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 4 нафар ишчи гуруҳи, 13 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши), 3 нафар шифокор ва 2 нафар ошпазлар хизмат кўрсатди.
Зиёратчиларга сафардан олдин давлат рамзлари туширилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, «Умра» қўлланмаси ва видеотасмалар тақдим этилди.
Барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларида менингит ва гриппга қарши зардоб билан эмланган. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлиши кузатилаётганлигини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ҳамда профилактика ишлари олиб борилди.