Рамазон Ҳайити куни Москвадаги 15 та ҳалол ресторан меҳмонларга бепул ширинликлар улашади. Бу ҳақда, шаҳар мусулмонлари диний бошқармаси матбуот хизматига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
«Фақат 5 июль куни муборак Рўза Ҳайити муносабати билан Москва мусулмонлари диний бошқармаси ҳалол ресторанлар уюшмаси билан ҳамкорликда сахий ҳадя беради: пойтахтдаги ҳалол ресторанларнинг барча меҳмонларига ширинликлар улашилади», — дейилади хабарномада.
«Рамазон ойи тугаганидан сўнг бир неча кун мобайнида мусулмонлар дастурхон ёзиб, яқинларини, қариндошларини, ҳамкасбларини меҳмон қилади. Биз бу одатга содиқ қоламиз. Шу тариқа, шаҳар Рўза Ҳайитини ислом анъаналарига кўра, меҳмондўстлик руҳида нишонлаш учун улкан майдонга айланади», — қўшимча қилинади матбуот хизматида.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ диний бошқарма Рамазон Ҳайити муносабати билан маҳбуслар ва ҳарбий хизматчиларга 1,5 минг совға улашиши маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)