Шотландия Европа Иттифоқи таркибида қолмоқчи, шу боис Буюк Британиядан ажралиб чиқиш тўғрисида иккинчи референдум ўтказиш имконияти минтақа расмийлари томонидан кўриб чиқилади. Бу ҳақда минтақа ҳукумати раҳбари Никола Стержен баёнот берди, деб ёзмоқда «Коммерсант.ru».
«Референдум ўтказилишининг эҳтимоли жуда юқори», — қайд қилиб ўтди сиёсатчи.
Стержен хонимнинг таъкидлашича, парламент тегишли қарорни қабул қилиши билан ҳукумат референдумга тайёргарликни бошлаб юборади. Илгари Шотландиянинг Буюк Британия таркибида қолишини ёқлаб чиққанлар ҳам, мамлакат ЕИ таркибидан чиққач, қарорини ўзгартириши мумкин.
2014 йилда ўтказилган референдум чоғида шотландияликларнинг 55,3 фоизи Буюк Британия таркибида қолишни ёқлаб овоз берган эди. Аммо Brexit юзасидан ташкил этилган референдумда шотландияликларнинг кўпчилик қисми (62 фоиз) ЕИ таркибида қолиш ниятини изҳор этди. Бутун мамлакат бўйлаб қайд этилган натижага кўра эса, сайловчиларнинг 51,9 фоизи ЕИда қолишга қарши чиқди.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат илгари Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр Brexit Шотландия масаласини яна кун тартибига қўйиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.
Изоҳ (0)