Россия президенти Владимир Путин Ҳиндистон ва Покистоннинг Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига қўшилиши ташкилотни янада қудратли ва обрўли бирлашмага айлантиришини айтиб ўтди. Бу ҳақда у Хитойнинг «Синьхуа» агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
«Шанхай ҳамкорлик ташкилоти шуғулланаётган соҳаларнинг кенгайиши ва аъзолар сонининг мен ҳозиргина тилга олган қудратли мамлакатлар (Ҳиндистон ва Покистон) ҳисобидан кўпайиши, албаттаки, бу ташкилотни ўта қудратли, бутун минтақада ва бутун дунёда ўта обрўли халқаро бирлашмага айлантиради», — унинг сўзларини келтиради «ТАСС».
Путин Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга қўшилиши тўғрисидаги қарор ташкилотнинг ўтган йилги Уфа саммитида қабул қилинганлигини эслатиб ўтди. Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга қўшилиш жараёни эса ШҲТнинг Тошкент саммитида бошланади.
«Тошкентдаги учрашувда биз бу қарорни мустаҳкамлашимиз лозим», — таъкидлади Россия раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ РФ президентининг ШҲТдаги махсус вакили Бахтиёр Ҳакимов Ҳиндистон ва Покистон билан ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий ялпи ички маҳсулоти 20 триллион долларга етиши, умумий аҳолиси эса 3 миллиард киши атрофида бўлишини айтиб ўтган эди.
Изоҳ (0)