Жанубий Африка Республикаси ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Тшване мегаполисида содир бўлган тартибсизликлар чоғида дўконларни ўмараётган икки мародёрни отиб ташлади, деб ёзади «ТАСС» мамлакат полициясига таяниб.
Полиция вакили аниқлик киритишича, намойишчилар полициячилар билан тўқнашувларни давом эттирмоқда ва, асосан, хорижликларга тегишли дўконларни ўмармоқда. 40 киши ҳибсга олинган.
Тартибсизликлар 20 июнь, душанба куни кечки пайт мегаполис ташқарисидаги бир нечта шаҳарларда мэрнинг номзоди 3 августда бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловларга қўйилиши туфайли бошланди. Тшваненинг амалдаги раҳбари — Кгосиенсо Рамокгопи тарафдорлари ҳукмрон Африка миллий конгресси илгари сурган номзод — собиқ вазир Токо Дидизига қарши чиқди. Улар кўчаларни қамал қилди, автобусларга ўт қўйди, машиналарни ағдарди ва дўконларни талади.
Изоҳ (0)