Ягона умумреспублика процессинг маркази Тошкентдаги савдо ва сервис корхоналарида UnionPay халқаро карточкалари эквайрингини (товар ва хизматлар учун тўлов воситаси сифатида қабул қилиш) ишга туширди. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
Марказ маълумотларига кўра, «Тошкент» универмагида UnionPay International картаси ёрдамида биринчи транзакция амалга оширилди.
Савдо марказларидаги POS-терминалларда UnionPay International карталарини қабул қилувчи дастурий таъминот ўрнатилди. Келгусида www.uzcard.uz сайтида ушбу карталарга хизмат кўрсатадиган терминаллар рўйхатини жойлаштириш кўзда тутилмоқда.
Маълумот учун, UnionPay International йирик ва жадал ривожланаётган Хитой тўлов тизими бўлиб, бугунги кунда дунё бўйлаб 3,5 миллиарддан ортиқ карточкалари эмиссия қилинган. UnionPay карточкаларига дунёнинг 143 мамлакатида 1 миллиондан ортиқ банкомат хизмат кўрсатади.
Изоҳ (0)