2008 йилда Тошкентдаги сув ҳавзаларининг тақиқланган зоналарида, Чирчиқ дарёси, Анҳор ва Бўзсув каналларида чўкиб кетганлар сони 26 кишини ташкил этган бўлса, 2015 йилда кўрсатилган жойларда 11 киши қурбон бўлди. Бу ҳақда, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Ҳусан Бобоновнинг баёнотига асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Бобонов ушбу рақамларни 16 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган Шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Қутқарув хизмати бошқармаси раҳбарияти иштирокидаги матбуот анжуманида келтирди.
Тадбирда, шунингдек, пойтахт сув ҳавзалари ва каналларидаги белгиланмаган жойларда чўмилиш ҳатто тажрибали сузувчилар учун ҳам бахтсиз ҳодиса билан якунланиши мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.
Жорий йилда Бўзсув каналида битта мана шундай ҳолат кузатилди — каналда коллеж ўқувчиси чўкиб кетди.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакили бундай ҳолатларни бутунлай бартараф этиб бўлмаётганини тан олди: баъзи бировлар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, тақиқланган жойларда чўмилишда давом этмоқда.
«Чўмилиш қоидаларини билмаслик, сувда туриш кўникмаларининг ёмонлиги айниқса ёшлар орасида фожиали оқибатларга олиб келади, — қайд этиб ўтди Ҳусан Бобонов. — Айниқса чўмилиш қатъиян ман этилган жойларда. Қўриқланадиган участкалар, қутқарувчиларнинг доимий назорати остида бўладиган жамоат пляжлари, ҳовузлар бошқа гап».
Бундай зоналарда, шунингдек, тиббиёт ходимлари навбатчилик қилади.
Фавқулодда вазиятлар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида 1 июндан бошлаб 1 сентябрга қадар чўмилиш тақиқланган жойларда ҳар куни милиция рейдлари ўтказилади. Уларда ИИВ хавфсизликни таъминлаш батальони кучлари иштирок этади. Милиция ходимлари қоидабузарларга нисбатан асосан суҳбат олиб бориш ва кўндириш методларидан фойдаланади, аммо баъзи фуқаролар жаримага ҳам тортилиши мумкин. Жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 3–10 бараварини ташкил этади.
Шунингдек, шаҳар фавворалари остида чўмилиш ҳам тақиқланган бўлиб, бундай қоидабузарликлар қутқарув хизматлари иштирокисиз милиция ёки муассаса қоровули томонидан бартараф этилади.
Изоҳ (0)