Apple вакиллари шу йил чиқиши режалаштирилган кейинги авлод iOS мобил операцион тизимининг асосий хусусиятларини маълум қилди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
iOS мессенжерида ҳаволалар парсери жорий этилди. iMessage орқали URL жўнатилганда сайт манзили сарлавҳа, қисқача мазмун ва тасвирдан иборат картага айланади. Хабарга жавоб тариқасида тезкор реакцияни (Tapback) юбориш мумкин. iMessageдаги асосий янгилик мессенжер ичидаги дастурлар учун дўкондан иборат: унда стикерлар, фотони қайта ишлаш дастурлари, темаларни харид қилиш мумкин.
3D Touch ёрдамида қурилма блокировкасини олмай хатларга жавоб вариантларини танлаш, клавиатура ёки овоз ёрдамида жавоб тўпламига ўтиш мумкин. Apple томонидан Siri’га нисбатан қўйилган чет дастурларда фойдаланиш чеклови бекор қилинди ва энди у оқали Uber, Slack, Runkeeper, Skype ва CarPlay билан ишласа бўлади.
«Ақлли уй»ни, тўғрироғи, ундаги қурилмаларни бошқариш учун Home дастури ишга туширилди, у HomeKit платформаси томонидан қўллаб-қувватланади. Apple News эса янги дизайн ва нашрларга обуна бўлиш имкониятини қўлга киритди.
iOS 10 синови июлда бошланади, релиз эса кузга мўлжалланган. Ундан iPhone 5 ва кейинги айфонлар, 4-авлод iPad ва кейинги айпадлар, iPad mini 2, шунингдек, 6-авлод iPod Touch қурилмаларида фойдаланиш мумкин.
Изоҳ (0)