Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида махсус бўлинма шаҳардаги квартиралардан бирига яшириниб олган гуруҳ билан жангга киришди. Тун бўйи давом этган махсус операция чоғида Ақтўбедаги терактларга алоқадор 4 нафар кимса йўқ қилинди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Мамлакат миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизматига кўра, терроризмга қарши кураш тезкор штаби Некрасов кўчасидаги квартиралардан бирида жиноятчилар яширинганини аниқлади. Музокаралар давомида террорчилар ўз ихтиёри билан таслим бўлишдан бош тортган ва ўт очган. Ўтказилган штурм натижасида квартирада бўлган 4 киши ўлдирилган.
Шаҳар марказида полиция патруль автомобилини ўққа тутган террорчилар шериги ҳам йўқ қилинган. Полициянинг икки нафар ходими енгил яралангани билдирилмоқда. Тинч аҳоли ва куч тизими вакиллари орасида қурбонлар бўлмаган.
Изоҳ (0)