Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Instagram’даги саҳифаси орқали америкалик телебошловчи Жон Оливерга жавоб берди, деб ёзмоқда TJournal.
Илгарироқ Қодиров митти йўлбарсга ўхшаш мушуги изсиз йўқолганини хабар қилган эди. Сиёсатчи Instagram’даги обуначиларига мурожаат этиб, улардан ёрдам сўраган эди.
Оливер HBO телеканалидаги Last Week Tonight кўрсатуви доирасида сиёсатчига ёрдам кўрсатишни сўради. У ижтимоий тармоқларда #findkadyrovscat ҳештегидан фойдаланган ҳолда Қодировга хабар йўллашни таклиф қилди.
«Унга ‘Мушугингизни кўрдим’ деган хабар йўлланг. Агар кўрмаган бўлсангиз, у билан ‘Мушугингизни кўрмадим’ хабари ёрдамида боғланинг. Агар унинг мушугига ўхшаш бирор жониворни кўрган бўлсангиз, уни суратга олиб жўнатинг, остига ‘Бу сизнинг мушугингизми?’ деган сўзларни илова қилинг», — деб ўз ғоясини тушунтирди бошловчи.
Қодировнинг таъкидлашича, унга гўёки мушуги акс этган фотосуратлар бутун дунёдан — Япониядан, Исландиядан ва ҳатто Оқ Уйдаги Овал хонадан келмоқда.
«Ёрдамингиздан миннатдорман, аммо бу менинг мушугим эмас. Ҳатто АҚШнинг HBO телеканали қидирувларга қўшилгани маълум бўлди. Телебошловчи ва қизиқчи Жон Оливер миллионлаб томошабинлардан менга ёрдам беришни сўради. АҚШ менинг жониворларимга бефарқ эмаслигини кўпдан бери билардим», — деб ёзди сиёсатчи.
Қодиров ўз профилига Оливернинг фотошопланган суратини жойлаштирди: унинг костюми устидан Владимир Путин акс этган футболка ва қуйидагича ёзув қўшилганди: «Мен ҳазиллардан чарчадим. Энди мени Чеченистон мушуклари безовта қилмоқда. Ҳа, дарвоқе, Путин — бизнинг етакчимиз».
Шу тариқа у ўзининг Путин тасвири туширилган футболкаларга меҳри ҳақидаги Оливернинг ҳазилига жавоб қайтарди.
«Миллионлаб одамлар миллат етакчиси тасвирланган футболкалардан қувонади. Бу яхши мотивация», — деб таъкидлади у.
Изоҳ (0)