Митти симсиз робот ошқозондан ютиб юборилган батарейкани чиқариб олиш бўйича операцияни муваффақиятли тарзда амалга оширди, дея хабар бермоқда «Hi-tech.mail.ru». Тажриба инсон органига ўхшатиб ясалган моделда олиб борилди. Робот йиғилиб-ёйилиш ҳисобига ҳаракатланди.
Роботни лимон кислотасининг сувдаги эритмаси билан тўлдирилган одам ошқозони ва қизилўнгачи макети ичига жойлаштиришди. Ишлаб чиқувчилар таъкидлашича, жарроҳлик операцияси ўтказиш учун ҳақиқий робот капсуласи муздан эмас, балки меъда ширасида эриб кетадиган биологик мувофиқ полимердан қилинади.
Қурилма мустақил равишда муз капсуласидан чиқди ва зарур жойда ишга тушди. У ерда у магнит ёрдамида батарейкани тутиб олди ва уни моделнинг чиқиш йўлига олиб борди.
Робот арзон ва биологик мувофиқ ҳисобланган қуритилган чўчқа ичагидан ясалди. У оригами тамойили бўйича ҳаракатланди: қат-қат қилиб букланган ҳолда у капсуладан чиққач, текисланди ва ташқи магнит майдони таъсирида нишонга етиб борди. Йиғилиш ва ёйилиш ҳисобига қурилманинг оғирлик маркази кўчди, юзадан тортишиш ўзгарди.
Келажакда бундай роботлар тананинг ҳар қандай қисмида ишлатилиши мумкин.
Изоҳ (0)