Россия президенти Владимир Путиннинг Сочига ташрифи чоғида унга энг замонавий ҳарбий техника намойиш этилди: экскурсияни ўтказаётган генерал-лейтенант Александр Шевченко янги «УАЗ-Патриот» ҳарбий машинасини очаман деб эшик дастасини узиб олди, деб хабар бермоқда TJournal.
«УАЗ-Патриот»ни тавсифлар экан, генерал у оддий йўлларда ҳаракатнинг бошқа иштирокчиларига билдирмасдан ҳаракатлана олишини, пикапга пулемёт, станокли гранатамёт ўрнатиш мумкинлигини, кузовда снаряд сақловчи жой борлигини айтиб ўтди.
Путин кабинага яқинлашиб, эшикни очмоқчи бўлди, аммо бунинг уддасидан чиқа олмади. Унга ёрдамга ошиққан Шевченко дастани бир неча марта тортди, натижада у узилиб тушди.
«Яша, азамат (молодец)», — деди Путин кулиб, генерал эса очиқ ойна орқали дастани ўриндиққа қўйиб қўйди.
Воқеа қайд этилган видеолавҳа Life нашри томонидан чоп этилди.
Қайд этиш жоиз, RT телеканали томонидан воқеа жойидан тайёрланган видеолавҳада бу саҳналар намойиш этилмади.
Изоҳ (0)