Футбол бўйича Эрон миллий терма жамоаси бош мураббийи Карлуш Кейруш ўз хоҳишига кўра истеъфога чиқишга яқин. Бу ҳақда «Stadion.uz» Эроннинг Tehran Times нашрига асосланиб хабар берди.
Эрон миллий терма жамоасини 2011 йилдан буён бошқариб келаётган Карлуш Кейрушнинг шартномаси 2018 йилга қадар давом этиши керак. Бироқ мутахассис Эрон спорт раҳбарлари терма жамоани қўллаб-қувватламаётгани сабабли, мамлакат футбол федерацияси билан келиша олмаяпти.
Эрон футбол федерациясига янги президент тайин қилинганидан кейин, Карлуш Кейруш Facebook’даги саҳифасида қуйидагича пост қолдирган:
«Қадрли, дўстлар, Эрон футбол федерациясининг янги президенти лавозимини эгаллаган жаноб Тажни табриклайман ва бошқарувда унга омадлар тилайман. Сўнгги йиллар давомида Эрон миллий терма жамоаси ва мамлакат футболи муаммоларини ҳал қилишда жаноб Таж билан бирга ишлаганимдан хурсандман.
Энди эса мен жаноб Таждан истеъфом ҳақидаги сўровимни тезроқ қабул қилишини сўрайман. Бу терма жамоа тақдири борасида янги режалар тузиш йўлида муҳим аҳамиятга эга. ФИФА рейтингида Осиёнинг энг яхши жамоаси бўлиб турган Эрон термасини Жаҳон Чемпионати саралаш ўйинларига тайёрлаш йўлида бу муҳим қарор бўлади.
Ҳурмат ва эҳтиром ила, Карлуш Кейруш».
Маълумот учун, Эрон миллий терма жамоаси ЖЧ—2018 3-саралаш босқичида Ўзбекистон термаси билан бир гуруҳдан жой олган. Кейруш бошқарувида Эрон термаси Ўзбекистонга қарши 3 та ўйинда иштирок этган ва шуларнинг 2 тасида Тошкентдан ғалаба билан қайтган.
Қайд этиш керак, Карлуш Кейруш Эрон миллий терма жамоаси билан Бразилияда бўлиб ўтган ЖЧ—2014 да иштирок этганди.
Изоҳ (0)