Терговчилар Москва вилоятида беш нафар байкерни маиший негиздаги можаро туфайли отиб ўлдирганини тан олган гумонланувчини ҳибсга олиш бўйича судга талабнома билан чиқади. Бу ҳақда Тергов қўмитасининг Москва вилоятидаги бошқармасида маълум қилинди, деб хабар беради «ТАСС».
«Терговчилар томонидан Егорьев туманида беш нафар эркакни ўлдиришда гумон қилинган шахс қўлга олинди. У 1988 йилда туғилган, хусусий қўриқлаш корхонаси ходими бўлган маҳаллий фуқаро бўлиб чиқди. Гумонланувчи ўзи истиқомат қилаётган уй яқинида ушланди. У терговчилар томонидан сўроқ қилинди ва бўлиб ўтган ҳодисанинг барча тафсилотларини гапириб берди», — деб таъкидлади бошқармадаги манба.
Гумонланувчининг айтишича, пиво заводининг ташландиқ биноси олдида байкерлар мотопойга якунланишига бағишланган тадбир ўтказиш учун концерт майдони тайёрлаган. Кечки пайт улар спиртли ичимликлар ичган ва гумонланувчи ҳам ушбу даврага қўшилган. Қайсидир паллада байкерлар ва гумонланувчи ўртасида маиший асосда можаро келиб чиққан. Шундан сўнг эркак уйига кириб, ов милтиғини олган ва қайтиб келиб, ҳар бир байкерга қарата камида бир марта ўқ узган. Қолмишига уларни пичоқлашга ҳам улгурган.
Изоҳ (0)