Ҳиндистон расмийлари мамлакатнинг айрим минтақаларида кейинги пайтда авж олган ёнғинлар олдини олиш учун кундузи таом тайёрлашни ман этди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Шундай минтақалар қаторига мамлакат шимоли-шарқида жойлашган Бихар штати ҳам кирди, унинг фуқароларига 9 дан 18 га қадар таом тайёрлаш, далада ўт қўйиш, олов билан боғлиқ диний маросимлар ўтказиш тақиқланди. Бунга риоя этмаганлар бир йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
44 даражага чиқаётган жазирама ва шамолли об-ҳаво шароитида учқунлар бир похолли томдан иккинчисига ўтиб, йирик ёнғинларга олиб келмоқда. Бундай фалокатларда ҳозиргача 79 киши, жумладан, 10 нафар бола нобуд бўлди.
Ҳиндистонда апрель ойининг ўзида жазирама билан боғлиқ ҳолатлар оқибатида 300 киши оламдан ўтди. Келгусида вазият бундан ҳам ёмон тус олиши кутилмоқда: май мамлакатда йилнинг энг иссиқ ойи ҳисобланади, ёмғирлар мавсуми эса июндан бошланади.
Изоҳ (0)