Украина президенти Владимир Зеленский журналистлар билан учрашувда “Фламинго” номли 3 минг километр масофага учувчи ракета муваффақиятли синовдан ўтказилганини айтди. Бу ҳақда DW нашри хабар берди.
“Синовлар муваффақиятли ўтди. Ҳозирча бизда мавжуд ракеталар ичида энг муваффақиятлиси шу — у уч минг километр масофага учади”, деган Украина раҳбари.
Украина президентининг сўзларига кўра, ҳозирча бундай турдаги ракеталардан юзлаб марта фойдаланиб бўлмайди. Шу сабабли батафсил тафсилотлар ошкор қилинмайди.

Зеленскийнинг таъкидлашича, “2026 йил декабрь охиригача ёки январь–февраль ойларида” ушбу ракеталарни оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши керак.
“Синовдаги муваффақиятни ҳисобга олиш керак. Шунингдек, дастур молиялаштирилишини ҳам инобатга олиш зарур”, деган Украина етакчиси.
“Фламинго” ракетасининг суратини украиналик фотомухбир Ефрем Лукацкий Facebook саҳифасида жойлаштирган. У АҚШнинг Associated Press агентлигида ишлайди. Унинг маълумотига кўра, ракета Fire Point компанияси томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Гап ер усти базасидан учириладиган ракета ҳақида кетмоқда.
20 август куни Киевда бўлиб ўтган брифингда Зеленский Россия Украина Суми вилоятини қўлга киритолмаслигини ва РФ қўшинлари жойлашган чегарадош ҳудудларни ушлаб туролмаслигини билдирган.
Шунингдек, Украина давлат раҳбари Россия президенти Владимир Путин билан тинчлик келишуви юзасидан саммит ўтказишга розилигини маълум қилди. Зеленскийнинг айтишича, учрашув Австрия, Швейцария ёки Туркия ҳудудида бўлиши мумкин. Учрашув аниқ Венгрия ёки Россияда ўтказилмайди.
Изоҳ (0)