Миллиардер ва Icahn Enterprises кўп профилли холдингининг асосий хўжайини Карл Айкан (Forbes глобал рейтингида 17 миллиард долларлик давлати билан 43-ўринда жойлашган) энди Apple акцияларига эгалик қилмайди. Бу ҳақда унинг ўзи CNBC билан суҳбатида айтиб ўтди, деб ёзади «РБК».
«Apple’да энди ўрнимиз йўқ», — деди Айкан, Apple «катта компания» эканлигини, унинг бош директори Тим Кук эса «ажойиб иш кўрсатаётгани»ни таъкидлар экан.
Ўз қарорини изоҳлаб, Айкан Apple’нинг Хитойдаги ҳолати юзасидан хавотир билдирди. Инвесторни Хитой ҳукумати Apple бизнесига чеклов қўя олиши, бу эса савдо даражасига таъсир ўтказиши мумкинлиги ташвишлантирмоқда.
Шу билан бирга, Айкан Хитойдаги иқтисодий ўсиш секинлашгани уни хавотирга солмаётганини тан олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда 2016 йил мартда кучга кирган интернетга контент жойлаштиришнинг янги қоидаларига кўра, Apple мамлакатда iBooks Store ва iTunes Movies сервисларини ёпишга мажбур бўлган эди.
Изоҳ (0)