Фирибгар аслида мавжуд бўлмаган “дача” учун эълон бериб, у ерда дам олиш истагидаги одамлардан олдиндан пул ундирган. Кейин алоқани узиб, ғойиб бўлаверган.
Жорий йил 22 июнь куни Тошкент шаҳар ИИББга 65 ёшли фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Шикоятида “дача” ижарага олиш учун бегона шахс картасига олдиндан 1,4 миллион сўм ўтказиб берганини айтган. Пулни олган “шоввоз” алоқани узиб, ғойиб бўлганини билдирган.
Мурожаатдан сўнг, фирибгар ички ишлар ходимлари томонидан ҳибсга олинди.
“Ўтказилган тезкор тадбир давомида 1999 йилда туғилган фуқаро Тошкент шаҳри ҳудудида қўлга олинди. Суриштирувлар натижасида у шу каби 15 дан ортиқ ҳолатларни содир этгани маълум бўлди”, дейилади манба хабарида.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ички ишлар ходимлари аҳолини шу каби ҳолатлардан огоҳликка чақирган. Маълум қилинишича, бегона шахсларга тегишли “дача”лар расмларини интернетга жойлаб, дам олиш учун арзон нарх таклиф қилаётган фирибгарлар кўпайган. Сохта рекламага ишонган одамлар пулни олдиндан тўлаб, алданиб қолмоқда.
Изоҳ (0)