Жорий йил январь июнь ойларида республикада камбағаллик даражаси 2,1 фоизга қисқариб, 1 июль ҳолатига 6,8 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда 25 июль куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги аҳоли бандлигига оид тақдимотда маълум қилинди.
-qxDy_k-5.avif)
Тақдимотда давлат раҳбарига Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича бажарилаётган ишлар ҳақида ахборот берилган.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, мулоқотда банклар маҳаллаларга боғланиб, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшаётгани таъкидланган. Хусусан, 2025 йил январь июнь ойларида 3 миллиондан зиёд аҳоли даромадли меҳнатга жалб қилингани қайд этилган.
“Камбағалликни қисқартириш борасида яратилган тизим ҳамда сарфланаётган маблағлар ўз самарасини бериб, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, камбағаллик даражаси 6,8 фоизни ташкил қилди”, дейилади манбада.
Тақдимотда касбий таълим меҳнат бозори эҳтиёжларига мос эмаслиги сабаб кадрлар тайёрлашда муаммолар юзага келаётгани айтилган. Меҳнат муносабатларидаги айрим меъёрлар тадбиркорлик субъектлари, айниқса, кичик корхоналар учун мураккаблик туғдираётгани ҳам таъкидланган. Ишга қабул қилишда ахборот технологиялари имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани билдирилган.

Қайд этилишича, амалдаги талаблар иш берувчиларни ҳақиқий вакансияларни очиқ эълон қилишга рағбатлантирмайди. Оқибатда бу маълумотларни яширишга олиб келиб, меҳнат бозорини тўғри таҳлил қилиш ҳамда касбий таълим йўналишларини аниқлаш имконини чекламоқда.
“Тақдимотда мазкур муаммоларни ҳал этишга қаратилган янги режа ва ташаббуслар ҳақида маълумот берилди. Унга мувофиқ, меҳнат органлари иш берувчиларга нисбатан жазо қўлловчи эмас, балки ҳамкор сифатида фаолият юритувчи, уларга хизмат кўрсатувчи тузилмага айланиши кўзда тутилмоқда. Хусусан, иш берувчилар томонидан бўш иш ўринлари тўғрисидаги мажбурий маълумотларни тақдим этмаслик ва жўнатилган номзодларни ишга олмаслик учун жазо чораларини бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Бу орқали бандлик органлари иш берувчилардан тўғри ва ҳаққоний маълумотларни тўплаб, уларга иш излаётган фуқароларни йўналтиради. Иш берувчи эса номзодни қабул қилиш ёки қилмасликни ўзи ҳал этади. Ушбу тизимни жорий этиш учун махсус электрон платформа яратилиб, дастлаб Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида бошланади ва кейинчалик бутун мамлакат бўйича татбиқ этилади”, деб ёзади президент матбуот хизмати.
Касбий таълим сифатини янада ошириш мақсадида хусусий сектор вакилларини Касбий кўникмалар марказлари фаолиятига жалб этиш, айрим марказларни эса аниқ соҳалар бўйича ихтисослаштирилган таълим масканларига айлантириш режалаштирилган.

“Мутасаддиларга касбий таълимни уч босқичли тизимга ўтказиш вазифаси қўйилди. Жумладан, интернет орқали бепул видеодарсларни жорий этиш, ишловчи фуқароларга қайта тайёргарлик ёки малака ошириш учун “касб ваучери” орқали имконият яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди”, дея қайд этган манба.
Давлат раҳбари малакали кадрлар тайёрлаш республикада ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришга хизмат қиладиган энг муҳим омиллардан бири эканини таъкидлаган.
Маълумот учун, аввалроқ Бандлик вазирлиги Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йилда 11 фоизга тушганини маълум қилганди.
“2026 йил якунигача бу кўрсаткични 7 фоизга пасайтириш белгилаб олинди”, дея хабар берган вазирлик.
Кейин 2024 йил якунида камбағаллик даражаси 8,9 фоизга пасайгани эълон қилинган. Бунда камбағаллар сони 2023 йилдан 2024 йилгача 719 мингтага камайган. Камбағаллик даражаси энг юқори пасайишлар Бухоро (11,8 фоиздан 8,7 фоизгача), Самарқанд (10,5 фоиздан 7,5 фоизгача), Наманган (10,4 фоиздан 7,6 фоизгача) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (13,6 фоиздан 10,8 фоизгача) кузатилган.
Изоҳ (0)