Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россия ва АҚШ раҳбарлари Владимир Путин ҳамда Дональд Трамп билан Украина масаласида Истанбулда етакчилар учрашувини ўтказиш имконияти ҳақида телефон орқали суҳбатлашиш ниятида эканлигини маълум қилди.

“Эҳтимол, шу ҳафта ичида биз Путин ва Трамп билан музокаралар олиб бориб, Истанбулда етакчилар учрашувини ўтказиш имкониятини муҳокама қиламиз. Биз бунга интилмоқдамиз”, деди у журналистларга 23 июлда Истанбулда Россия ва Украина ўртасидаги тўғридан-тўғри музокараларнинг учинчи босқичи якунлари ҳақида фикр билдириш чоғида.
Эрдўғоннинг айтишича, Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан унинг топшириғига кўра Чароғон саройида бўлиб ўтган музокараларда иштирок этган. Унинг қўшимча қилишича, Украина делегациясини Истанбулга музокараларга жўнашидан олдин Анқарада қабул қилган.
“Чароғондаги учрашувни менинг номимдан ташқи ишлар вазирим олиб борди”, деди Туркия президенти.
23 июль куни Истанбулда Украина инқирозини ҳал этиш бўйича тўғридан-тўғри Россия-Украина музокараларининг учинчи босқичи бўлиб ўтди. Тўлиқ таркибдаги учрашув олдидан делегациялар раҳбарлари Владимир Мединский ва Рустем Умеров яккама-якка суҳбат ўтказди. Тўлиқ таркибдаги музокаралар тахминан 40 дақиқа давом этди, унда томонлар меморандумлар лойиҳаларида баён этилган нуқтаи назарларни муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида томонлар нафақат ҳарбийлар, балки фуқаролар алмашинувига ҳам келишиб олдилар. Россия Украинага сиёсий, ҳарбий ва инсонпарварлик масалаларини ҳал қилиш учун онлайн тарзда учта ишчи гуруҳ тузишни таклиф этди. Бундан ташқари, Москва Киевга Украина Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг яна 3 минг жасадини топширишни, шунингдек, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини йиғиш учун фронт чизиғида қисқа муддатли инсонпарварлик танаффусларига қайтишни таклиф қилди.
Изоҳ (0)