Елизавета II 90 ёшга тўлиши муносабати билан қироличани қутлаш учун Виндзор қалъаси олдида тонгдаёқ тўпланган Буюк Британия фуқароларидан ўнлаб гулдасталар, совғалар ва табрикномалар олди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Қироличанинг келиши мушакбозлик билан кутиб олинди. У турмуш ўртоғи, Эдинбург герцоги Филип билан қалъа олдидаги майдонда Happy Birthday садолари остида қоқ тушки пайт пайдо бўлди. Қиролича шаҳар ратушасида тенгдошлари — 21 апрель куни 90 йиллигини нишонлаётган британияликлар билан кўришди. Суҳбат ва торт кесиш маросимидан сўнг қиролича ҳамда унинг турмуш ўртоғи очиқ Range Rover автомобилида тик туриб, Виндзор кўчалари бўйлаб айланди.
Туғилган кунини одатда оила даврасида нишонлайдиган ва юбилей учун истисно қилган Елизавета II кечки пайт омма орасида яна бир бор пайдо бўлади. У Виндзорда ўрнатилган машъалалардан бирини ёқиб беради, шундан сўнг бутун мамлакат бўйлаб мингдан ортиқ катта-кичик олов ёқилади. Қироличанинг катта ўғли, Уэльс шаҳзодаси Чарльз қисқа нутқ сўзлаши кутилмоқда, кейин эса Виндзор қалъасидаги кечки зиёфатда юбилей соҳибасини яқинлари табриклайди.
Қиролича 90 ёшга тўлганлигининг кенг кўламдаги нишонланиши эса май ва июнь ойларида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)