2016 йилнинг 15 сентябридан 2 октябригача Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон ўсмирлар (U-16) терма жамоаси 8 апрель, жума куни ўзининг навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларига киришади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
Ушбу йиғин Тошкентда бўлиб ўтади ва 15 апрелга қадар давом этади. Бир ҳафта бўлиб ўтадиган тайёргарликнинг ушбу босқичи давомида Темур Олимхўжаев бошчилигидаги жамоа Польша ўсмирлар термаси билан иккита назорат учрашуви ўтказади.
Польшага қарши дастлабки ўйин 13 апрель, чоршанба куни соат 16:00 да бошланса, иккинчи учрашув 15 апрель, жума куни 16:00 да старт олади. Ҳар икки ўйин ҳам Тошкентдаги «Жар» стадионида бўлиб ўтади.
Таъкидлаш керакки, 16 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида 16 мамлакатнинг ўсмирлар терма жамоаси иштирок этади.
Ушбу турнирга саралаш баҳслари давомида Темур Олимхўжаев бошчилигидаги терма жамоа Мальдив (8:0), Фаластин (6:0) ҳамда Яман (5:2) терма жамоалари устидан ғалаба қозониб, «А» гуруҳи ғолиби сифатида Осиё чемпионатига йўл олганди.
Изоҳ (0)