Тошкентнинг «Локомотив» футбол клуби эртага, 6 апрель куни Осиё Чемпионлар Лигаси «А» гуруҳи 4-турида Эроннинг «Фулад Сепаҳон» жамоасига қарши ўз майдонида баҳс олиб боради. Учрашувдан олдин ўтказилган матбуот анжуманида «темирйўлчилар» устози Андрей Микляев ва ярим ҳимоячи Сервер Жепаров иштирок этди, деб хабар беради «Championat.asia».
- Тушуниб турганингиздек, эртанги баҳс мусобақа жадвалига катта таъсир ўтказади. Гуруҳдан чиқишда катта қадам ташлаш учун ғалаба қозониш керак. Барча футболчилар ўйинга тайёр. Фақат ҳимоячи Неманья Яничич жароҳат олган. Эртага ғалаба қозонишга уринамиз, – дейди Микляев.
- Эртага чиройли ва ҳужумларга бой ўйин бўлишини кутяпман. Эрондаги баҳсда бу жамоага қарши ўйнаш мумкин эканини кўрсатдик, – дея қўшимча қилди Жепаров.
Шундан сўнг «Локомотив» устози Андрей Микляев журналистларнинг бир қатор саволларига жавоб қайтарди.
- Рақиб сафидаги энг хавфли футболчилар ким?
- «Сепахон»да тўрт нафар легионер бор: Фозил Мусаев, Ибричич, Падовани ва Чимба. Айнан улар жамоа етакчилари ҳисобланади. Рақибни яхши ўрганиб чиқдик.
- Ислом Тўхтахўжаевнинг ҳолати қандай? Эртага ўйнай оладими?
- Кеча у умумий гуруҳда машғулот ўтказди. Шундай экан, барчаси яхши бўлади деб ўйлайман.
- Рақиб устози ўтган ўйиндаги об-ҳаво «Локомотив»га ёрдам берди деб айтди.
- Эртага ҳам ёмғир ёғиши кутилмоқда (кулади). Ўтган ўйинда тезкор гол урдик ва осон ўйнадик.
- Ўзбекистон терма жамоасида тўп сурган ўйинчилар эртанги баҳсга тайёрми?
- Ҳа, миллий терма жамоа аъзолари эртанги баҳсга тайёр.
- «Локомотив» ўз майдонидаги баҳслардан кўра сафарда яхшироқ ўйнаётгандек туюлмоқда.
Сервер Жепаров: Бундай эмас. Бу нарса кўпроқ қайси жамоага қарши ўйнашимизга боғлиқ. Эртага ОЧЛда ўз уйимиздаги иккинчи ўйинни ўтказамиз. Кўрамиз, натижа қандай бўлар экан.
«Локомотив» — «Фулад Сепаҳон» учрашуви эртага, 6 апрель куни Тошкентдаги «Локомотив» стадионида соат 16:00 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу жамоалар ўртасидаги Эронда бўлиб ўтган баҳсда «Локомотив» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. ОЧЛ «А» гуруҳи 3-туридан сўнг «Локомотив» 5 очко билан иккинчи, «Фулад Сепаҳон» эса 3 очко билан учинчи поғонадан жой эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)