Мисрда А-320 самолётини гаровга олгани айтилаётган профессор Иброҳим Самаҳанинг рафиқаси Мисрнинг «ОН-ТВ» телеканали эфирида ушбу ахборотни инкор қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Илгарироқ хабар берилганидек, Искандария ва Атланта университетлари профессори Иброҳим Абдул Тавоб Самаҳа Мисрнинг Egypt Air авиакомпаниясига тегишли, Бурж ал-Араб–Қоҳира рейсини амалга ошираётган А-320 самолётини гаровга олган ҳамда, бортда бомба борлиги билан экипажга таҳдид солиб, Туркияга учишни талаб қилган. Аммо ёқилғи кам бўлгани боис самолёт Кипрнинг Ларнака шаҳри аэропортига келиб қўнган.
Бир муддатдан сўнг барча йўловчилар озод қилинган. Иброҳим Самаҳа эса Кипрда истиқомат қилувчи собиқ рафиқаси Мария Парасху билан учрашув сўраган.
Лекин Самаҳанинг рафиқаси телеканал эфирида бу маълумотларни рад этди. Унинг таъкидлашича, Самаҳа ҳеч қачон Кипрда бўлмаган ва у ерлик аёлга уйланмаган.
Шунингдек, аёл ОАВда тарқатилган фотосуратлар эрига тегишли эмаслигини, Самаҳа озодликка чиқарилган йўловчилар билан биргаликда самолёт бортини тарк этганини айтиб ўтди.
Изоҳ (0)