Хитой, Сурия ва Туркия 70 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган Покистондаги терактни қоралади ҳамда қурбон бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар беради.
27 март, якшанба куни Покистоннинг Панжоб вилояти пойтахти Лаҳор шаҳрида Гулшани Иқбол боғидаги болалар майдончасида худкуш террорчи ўзини портлатиб юборганлиги ҳақида маълум қилинган эди. Охирги маълумотларга қараганда, портлаш оқибатида қурбон бўлганлар сони 72 кишига етган ва уларнинг кўпчилиги болалардир. Шунингдек, 300 дан ортиқ кишининг яраланганлиги маълум қилинмоқда.
ХХР ТИВ расмий вакили Хун Лэй Хитой Лаҳордаги терактдан шокка тушганлигини ва содир бўлган ҳодисани қоралашини маълум қилди.
Сурия ҳукумати ҳам Лаҳордаги терактни кескин қоралади ва Покистон ҳукумати, халқи ва қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам Покистон халқига ҳамдардлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам Лаҳордаги теракт муносабати билан Покистон Президенти Мамнун Ҳусайн ва Бош вазири Навоз Шарифга ҳамдардлик билдирди.
Изоҳ (0)