БМТ Бош котиби Покистоннинг Лаҳор шаҳрида амалга оширилган терактни қоралаб чиқди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
«Бош котиб Покистоннинг Лаҳор шаҳридаги Гулшани Иқбол боғида худкуш террорчи томонидан содир этилган портлашни кескин қоралади», — дейилади халқаро ташкилот сайтида жойлаштирилган баёнотда.
Пан Ги Мун мазкур фожиа рўй беришида айбдор бўлганларни қонунга мувофиқ жавобгарликка тортишга чақирди. Шунингдек, қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб, Покистон халқи ва ҳукумати билан якдил эканлигини изҳор этди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 27 март, якшанба куни Лаҳор шаҳрининг Гулшани Иқбол боғидаги болалар майдончасида худкуш террорчи ўзини портлатиб юборгани, бунинг оқибатида 72 киши ҳалок бўлгани ва 300 дан зиёд киши жароҳат олгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)