Испаниянинг «Атлетико» футбол клуби бош мураббийи Диего Симеоне жамоаси пенальтилар серияси учун алоҳида тайёргарлик кўрмаганини маълум қилди. Бу ҳақда УЕФА расмий сайти хабар бермоқда.
15 март, сешанба куни «Атлетико» Европа Чемпионлар Лигаси нимчорак финал жавоб учрашуви доирасида Голландиянинг «ПСВ» жамоасини қабул қилиб, рақибини пенальтилар сериясида мағлуб этди ва чорак финалга йўл олди.
«Мен беллашувни 4-3-3 схемаси ёрдамида ютишга ҳаракат қилдим. Чорак финалга йўл олганимиздан хурсандман. Европанинг кучли саккиз жамоаси қаторига кириш нима эканлигини яхши биламиз ва бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз», — дейди Диего Симеоне.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, пенальтилар сериясида қайси футболчилар зарба беришини унинг ёрдамчиси Ҳерман Бургос ҳал қилган: «Ўтган йил ‘Байер’га қарши ўйиндан сўнг ҳам пенальтилар сериясидаги кетма-кетликни Бургос аниқлаганди. Бугун ўша ишини давом эттирди. Демак, уни табриклаш керак бўлади».
«Қайси жамоа хатога йўл қўйса, мағлуб бўлишини тушуниш қийин эмасди. Ҳеч ким хато қилмади ва ўйин пенальтилар сериясига қадар етиб борди. Рақибимизга қойил қолмасдан иложим йўқ. ‘ПСВ’ 5-3-2 схемасида яхши ўйин кўрсатди», — деб фикрини якунлади мадридликлар устози.
Изоҳ (0)