Футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи 3-туридан ўрин олган ва 15 март куни ўтказилиши белгиланган учрашувлар якунига етди. Хусусан, «А» гуруҳида Тошкентнинг «Локомотив» клуби рақиблари, «C» гуруҳида эса Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси рақиблари ўзаро баҳс олиб боради.
«А» гуруҳидаги 3-тур доирасидаги учрашувда Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» жамоаси ўз майдонида БААнинг «Ан-Наср» клубига имкониятни бой берди. Нилмарнинг дубли БАА клубига 2:1 ҳисобида ғалаба келтирди, «Иттиҳод»нинг ягона голи Гелмин Риваснинг ҳисобига ёзилди.
Гуруҳнинг 3-тур доирасидаги биринчи ўйинида «Локомотив» Эронда «Фулад Сепаҳон»нинг мағлуб этиб, 3 очкони қўлга киритган эди. Турдан сўнг, «Ан-Наср» 6 очко билан «А» гуруҳи пешқадами, «Локомотив» эса гуруҳнинг мағлубиятга учрамаган ягона жамоаси сифатида беш очко билан 2-поғонада бормоқда.
ОЧЛнинг «C» гуруҳида қатнашаётган «Пахтакор» 3-ўринни эгаллаб турибди — Тошкент клуби 3-турда Эроннинг «Тракторсози» жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Гуруҳдаги иккинчи ўйинда БААнинг «Ал-Жазира» ва Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клублари дураб ўйнади — 1:1.
Учрашувнинг 9-дақиқасида бразилиялик Аилтон «Ал-Ҳилол»ни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, «Ал-Жазира» фақатгина 90+4-дақиқада Фарис Жуманинг голи билан мувозанатни тиклади. Турдан сўнг, «Тракторсози» 6 очко билан гуруҳда пешқадам, «Ал-Ҳилол»да 5, «Пахтакор»да 4 ва «Жазира»да 1 очко бор.
«Локомотив» ва «Пахтакор» ОЧЛ гуруҳ босқичи 4-тури доирасидаги учрашувларни 6 апрель куни ўтказади. Шу куни Эроннинг «Фулад Сепаҳон» жамоаси «Локомотив» билан ўйин учун Тошкентга ташриф буюрса, «Пахтакор» Эронда «Тракторсози»га қарши тўп суради.
Изоҳ (0)