Ингушетияда Чеченистон билан чегара яқинида журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳужум уюштирилиши ҳолати бўйича янги жиноий иш қўзғатилди, дея хабар бермоқда «РБК» Россия Ички ишлар вазирлигининг Ингушетия Республикаси бўйича Тергов бошқармасига таяниб.
Иш Россия Жиноят кодексининг 162-моддаси 2-қисми (шахслар гуруҳи томонидан қурол ёки қурол сифатида фойдаланиладиган буюмларни ишлатган ҳолда бировнинг мулкини ўғирлаш мақсадида ҳужум уюштирилиши) бўйича қўзғатилди.
Эслатиб ўтамиз, 9 март куни «Қийноқларнинг олдини олиш қўмитаси» томонидан уюштирилган пресс-тур доирасида Ингушетия ва Чеченистонга борган қўмита ходимлари, норвегиялик ва швециялик журналистлар, The New Times ҳамда «Медиазона» мухбирлари, жами 8 кишидан иборат гуруҳ икки республика чегарасида ўндан ортиқ ниқобли, таёқ ушлаган шахслар томонидан калтакланди, улар тушган микроавтобус эса ёқиб юборилди.
Ингушетия ИИВ воқеа юзасидан «безорилик» ва «мулкни қасддан йўқ қилиш ёки унга зиён етказиш» моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди. Аммо, «Медиазона» бош муҳаррири Сергей Смирновнинг сўзларига қараганда, бу моддалар бўлган воқеанинг асл моҳиятини акс эттирмайди.
Изоҳ (0)