Хонанда Муниса Ризаева санъатини тушунадиган инсонга турмушга чиқишни исташини айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Бекажон» газетаси.
«Илк маротаба 15 ёшимда совчи келганди, шунда ота-онам: ‘Қизимизни ҳали турмушга бермаймиз’, — дейишган. Ҳозир ҳам совчиларнинг кети узилмаяпти. 30 га кирдим, турмуш ўртоқ танлаш масаласи мен учун жуда ҳам қийин бўляпти», — деди хонанда.
«Ёш ўтган сари турмушга чиқиш қийин бўларкан. Чунки борган сари ақлингизни таниб борасиз, танловда у инсоннинг яхши томонларидан кўра ёмон томонлари кўринаверади. Ҳозир шу ҳақда жуда кўп ўйлаяпман. Бу бир умрлик савдо дегани, таваккал қилиб бўлмайди», — деди Муниса Ризаева.
«Агар турмуш ўртоғим: ‘Ё оилани, ё санъатни танла’, деб шарт қўйса, оилани деб санъатдан воз кечишим мумкин. Лекин санъатимни тушунадиган, қизиқишларимни қадрлайдиган инсонга турмушга чиқишни хоҳлайман. Чунки санъат — менинг ҳаётим», — дея қўшимча қилди Муниса Ризаева.
Изоҳ (0)