Исроил собиқ бош вазири Эхуд Ольмерт мамлакат тарихида қамоққа олинган илк давлат раҳбари сифатида, 15 февраль, душанба куни коррупция ва одил судловга тўсқинлик қилиш ишлари бўйича белгиланган жазони ўтай бошлайди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар қилмоқда.
Ольмерт Тель-Авив шаҳри яқинидаги «Маасиягу» қамоғида 19 ой ўтиради. У Қуддусдаги нуфузли «Холилэнд» аҳоли турар-жой комплексининг қурилишини қўллаб-қувватлаш учун пора олганлиги учун 1,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, тергов давомида унга қарши кўрсатма бермасликни сўраб котибият бошлиғи Шуль Закенга пул таклиф қилганлиги сабабли 70 ёшли собиқ бош вазирга бир ой қамоқ муддати қўшиб берилган.
Исроил қамоқлари бошқармасининг таъкидлашича, Ольмерт «айрим сабабларга кўра оддий маҳбуслар билан сақлаб бўлмайдиган маҳбус» сифатида «10-блок»га жойлаштирилади. Бу ерда унга зўрлаш жиноятини содир этганликда айбланиб етти йилга озодликдан маҳрум қилинган Исроил собиқ президенти Моше Кацав ҳамроҳ бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Олий суди Ольмертнинг коррупция иши бўйича берган апелляциясини қисман қаноатлантирганлиги ҳақида хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)