NASA ҳиндистонлик фуқаро метеорит тушиши туфайли ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди. АҚШ коинот агентлиги самовий жисм эмас, воқеа жойида рўй берган портлаш ўлимга сабаб бўлганини билдирмоқда, дея хабар беради Meduza.
Сайёравий ҳимоя бўйича NASA мутахассиси Линдли Жонсоннинг The New York Times нашрига изоҳ беришича, метеорит тушиши оқибатида ўлим эҳтимоли шунчалик камки, дунё тарихида расман бирор маротаба бундай ҳодиса қайд этилмаган.
Мазкур ўлим ҳақидаги тахминни ҳодиса содир бўлган пайт метеорит ёмғири аломатларини қайд этмаган Ҳиндистон астрофизика институти олимлари ҳам шубҳа остига олган.
Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни ҳалок бўлган ҳиндистонлик автобус ҳайдовчи метеорит тушиши туфайли ўлган инсоният тарихидаги биринчи одам бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)