Facebook дастури смартфон аккумуляторларини тез қувватсизлантириб қўяди. The Guardian журналисти Сэмюэль Гиббс дастур «очофат» эканлигини тасдиқловчи тажриба ўтказди, дея ҳикоя қилади «Hi-Tech Mail.ru».
Гиббс Facebook дастурини ўзининг iPhone 6s Plus смартфонидан чиқариб ташлаб, ижтимоий тармоқдан Safari браузери орқали фойдалана бошлади. Тармоқда бўлиш вақти эса ўзгаришсиз қолди. 15 соатдан иборат иш куни давомида аккумуляторнинг 15 фоиз атрофидаги заряди тежалган.
Журналист тажрибани Android қурилмада ҳам такрорлади: Facebook Nexus 6P’дан олиб ташланиб, унинг ўрнига Metal қўллаб кўрилди. Бу гал смартфон аккумулятори зарядининг 20 фоизи сақлаб қолинди.
Facebook дастури энергияни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиши туфайли бот-бот танқидга учрайди. AVG рейтингида унинг энг кўп қувват оладиган дастур эканлиги қайд этилган.
Изоҳ (0)