7 февраль, якшанба куни Россиянинг Воронеж вилоятида фавқулодда вазиятлар хизмати ва полиция ходимлари «Дон» трассаси бўйлаб хотиржам кезиб юрган йўлбарсни қўлга олди. Йиртқич Воронежда қаердан пайдо бўлгани ҳақида ҳозиргача аниқ маълумотлар йўқ, дея хабар беради «РБК».
Трассада кезиб юрган йўлбарс ҳақида якшанба куни тонгда хабар берилган. Ҳодиса жойига юборилган қутқарувчилар ва полициячилар ушбу маълумотни тасдиқлаган.
«Аҳоли ҳаётига хавф туфайли йўлбарс турган жой ўраб олинди ва бу ерга Воронеж ҳайвонот боғи ветеринари келтирилди. Жонивор махсус восита ёрдамида ҳаракатсизлантирилди, боғланди ва ҳайвонот боғига келтирилиб, қафасга жойланди», — дея таъкидланади мамлакат фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Воронеж вилоятидаги бошқармаси хабарида.
Дастлабки маълумотларга кўра, йўлбарс «Дон» трассасида юк машинасида олиб кетилаётган чоғда қочиб кетган.
Изоҳ (0)