Россия Федерациясида рўйхатдан ўтган ишсиз фуқаролар сони январь ойининг охирига келиб бир миллион кишидан ошди. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати маълумотига таяниб, Meduza хабар беради.
Январь ойининг охирги ҳафтасида ишсиз фуқаролар сонининг ошиши Россия Федерациясининг 82 та субъектида қайд этилди. Энг кўп ўсиш Тива, Қрим, Олтой, Бурятия, Адигея, Бошқирдистон, Марий Эл, Мордовия, Чувашия, Кабарда-Балкария республикалари ҳамда Магадан, Кострома, Сахалин, Рязань, Омск, Брянск, Воронеж ва бошқа вилоятларда қайд этилган.
Ишсиз фуқаролар сонининг ушбу давр ичида камайиши учта ҳудудда: Коми, Ингушетия республикалари ва Киров вилоятида кузатилди.
«2016 йилнинг 20—27 январь кунлари давомида расман рўйхатдан ўтган ишсиз фуқаролар сони 3,4 фоизга ошиб, жами 1 001 111 кишини ташкил этди (2016 йилнинг 20 январь ҳолатига – 968 639 киши)», — дейилади бошқарма хабарида.
Изоҳ (0)