Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПЕК) бош котиби Абдулла ал Бадрий энг йирик нефть ишлаб чиқарувчиларни нархларнинг тушишига қарши биргаликда курашишга чақирди. Бу ҳақда «РБК» хабар қилмоқда.
«Барча асосий ишлаб чиқарувчилар муаммонинг ечимини биргаликда топишга ҳаракат қилиши жуда муҳим. Бозор захираларнинг нархларни тиклаш ва инвестицияларни қайтариш даражасигача тушганини кўриши керак. Бу нафақат ишлаб чиқарувчилар, балки истеъмолчилар учун ҳам муҳимдир. Дунёга янда кўпроқ нефть керак, бу эса кўпроқ инвестиция кераклигини англатади», — деди ал Бадрий.
ОПЕК бош котибининг таъкидлашича, бозордаги мувозанатнинг бузилишига, таклифнинг талабдан ортиб кетишига ОПЕК таркибига кирмаган мамлакатларнинг ҳаракати сабаб бўлмоқда ва айнан шу туфайли нархларнинг тикланишига улар ўз ҳиссасини қўшиши керак.
Ал Бадрийнинг сўзларига кўра, 2013 йилдан бери ОПЕК таркибига кирмаган мамлакатлар нефть қазиб олишни суткасига 5 миллион баррелга оширган, ташкилотнинг ўзи эса 2013—2014 йилларда нефть қазиб олишни қисқартирган.
«Муаммо шундай, уни ОПЕК ва ОПЕКга кирмаганлар биргаликда ҳал қилиши лозим», — деди ташкилот бош котиби.
Изоҳ (0)