Журналист Диёр Имомхўжаев ЎзМТРК «Спорт» телеканалидан кетди. Диёр Имомхўжаевнинг «Дарё» интернет-нашрига маълум қилишича, у 5 январь куни ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган.
Диёр Имомхўжаев «Спорт» телеканалида 2013 йил март ойидан бери ишлаётган эди. У сўнгги вақтларда футбол учрашувларини шарҳлашдан ташқари, «Соккер клуб» ва «Евротайм» каби муаллифлик кўрсатувларини ҳам тайёрлаб келаётганди.
Аввалроқ бир қатор нашрларда Диёр Имомхўжаев амакиси Зафар Имомхўжаев билан бирга телеканалдан четлаштирилгани, бунга Диёр Имомхўжаев муаллифлигидаги «Соккер клуб» кўрсатуви сабаб бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.
«Телеканал ва МТРКнинг бошқа ходимлари билан муносабатларим яхши. Ҳеч ким ёмон гапиргани ҳам, босим ўтказгани ҳам йўқ. Кўрсатувларим эфирдан олинганидан сўнг, телеканалда мен қиладиган иш қолмади, шу сабабли кетишга қарор қилдим», — деди Диёр Имомхўжаев.
Диёр Имомхўжаевнинг маълум қилишича, унинг амакиси, кўп йиллардан буён «Спорт» телеканалининг Трансляция ва сунъий йўлдош орқали олиб кўрсатиладиган дастурлар студиясига раҳбарлик қилиб келган Зафар Имомхўжаев ҳам ўз хоҳишига кўра ариза ёзиб, «Спорт» телеканалидаги фаолиятини тўхтатган.
Аввалроқ «Спорт» телеканали раҳбариятида ўзгариш бўлгани, Наманган вилояти телерадиокомпанияси раиси лавозимида фаолият олиб борган Муҳаммаджон Мақсудов телеканалга директор этиб тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)