Чеченистон миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири ўринбосари Лема Гудаев ижтимоий тармоқларда «Рамзан Қодиров — Россия ифтихори» номли акция бошланганини маълум қилди. Meduza’нинг ёзишича, Гудаев Чеченистон «журналистлар ҳамжамияти ва жамоат ташкилотлари вакиллари» номидан чиқиш қилган.
Рамзан Қодировнинг собиқ матбуот котиби ҳисобланган Гудаев Чеченистон раҳбарига нисбатан «тўла миқёсли ахборот уруши»ни бошлаган «тизимдан ташқари мухолифат вакилларининг ахборот хуружига қарши ягона фронтга қўшилиш»га чақирган.
«Ушбу ахборот ҳужумлари нафақат Чеченистон раҳбарига, балки давлатимиз раҳбарияти ва миллий етакчимиз — Россия президенти Путинга қарши қаратилган», — деди Гудаев.
Рамзан Қодиров 12 январь куни тизимдан ташқари мухолифат вакилларига «халқ душмани» ва «сотқинлар»дек муносабатда бўлиш лозимлиги ва «қўпорувчилик фаолияти учун» уларни суд қилиш зарурлиги ҳақида фикр билдирган эди.
Мухолифат вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари Россия Бош прокуратурасидан Қодировнинг сўзларига муносабат билдиришни талаб қилди. Санкт-Петербург қонунчилик кенгаши депутати Максим Резник Чеченистон раҳбарининг сўзларини экстремизм юзасидан текширишни сўраб, Бош прокуратурага мурожаат тайёрлади.
Красноярск шаҳар кенгаши депутати Константин Сенченко Қодировнинг «Россия исноди» деб атади.
Изоҳ (0)