Ироқ Туркия қуролли кучлари мамлакатнинг шимолий ҳудудидан чиқиб кетишини талаб қилишда давом этади. Бу ҳақда Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий 9 январь, шанба куни Бағдодда маҳаллий полиция ташкил этилганига бир йил тўлиши муносабати билан ўтказилган парад чоғида маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Туркия билан чегарадош Суриядаги ҳудудда терроризм авж олаётганида турк қуролли кучларини киритилиши тўғрисида масала кўтарилмаганди. Энди бўлса Туркия қўшинлари террорчилик хавфи баҳонасида Ироқ ҳудудига 100 километр ичкарига кириб борди. Биз Туркия ўз қўшинларини ҳудудимиздан олиб чиқишини талаб қиламиз. Хорижий қуролли кучларни чегараларимиздан нарига суриб чиқариш ҳуқуқига эгамиз ва буни амалга оширишда асло иккиланмаймиз», — дея таъкидлаган бош вазир.
Ободийнинг маълум қилишича, Ироқ ҳудуди 2016 йилда террорчилардан буткул қайтариб олинади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Шимолий Ироқдаги ҳарбий лагерга ИШИД уюштирган ҳужум қайтарилганини мисол келтириб, турк қўшинлари мазкур ҳудудга киритилиши тўғри бўлганини билдирганди.
Изоҳ (0)