Россиянинг Приморье ўлкасида байрамона ўтириш вақтида ўликдек қотиб қолган эркак ўликхонада ўзига келиб, байрамни давом эттириш учун ўликхонадан қочди. Бу ҳадқа «Вести» хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, дўстлари билан ичкиликбозлик қилган эркак, керагидан ортиқ спиртли ичимлик истеъмол қилиб юборганидан сўнг, ҳушини йўқотган. Ҳодиса жойига етиб келган шифокорлар беморга ҳеч қандай ёрдам бериб бўлмайди, деб ҳисоблаб, уни ўликхонага олиб кетган.
Маълум вақт ўтиб, ўликхонада қўриқчилик қилаётган аёл музлатиш хонасининг эшиги ичкаридан тақиллаётганини эшитиб қолган. Аёл қўрқиб кетиб, тез ёрдамни чақирган, шифокорлар эса полицияга мурожаат қилган. Полиция ходимлари эса ўликхонадаги «ўлик» ўзи юриб чиқаётганини кўрган.
Хабар беришларича, ўликдек маст одам ўликхонага олиб келинган куни, ўликхона жасадлар билан тўлиб кетган эди, шу сабабли унинг жасади музлатиш хонаси полига қўйиб кетилган. «Ўлик» ўзига келиб, кўзини очганида, дастлаб қаерда эканлигини тушунмаган, бироқ кейин даҳшатдан қулфланган эшикка отилган.
«‘Тирилган ўликъни иситиб, сўроқ қилиб, сўнг уйига қўйиб юборишди. У эса, кўп ўйлаб ўтирмай, унинг хотираси учун ароқхўрлик қилиб ўтирган дўстлари олдига йўл олди. Кечагина «ўлган» дўстининг кириб келганини кўриб, бошқа бир шишадош ҳушидан кетган, бироқ бу ҳолат байрамни давом эттиришга халал беролмаган», — дейилади «Вести» хабарида.
Изоҳ (0)