Ўзбекистон Суперлигаси 18-туридан ўрин олган “Динамо” — “Пахтакор” учрашуви якунига етди. Қизиқарли ва кескин курашлар остида ўтган беллашув 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.

Ҳисоб ўйиннинг 18-дақиқасида очилди. Самарқандликлар тезкор қарши ҳужум уюштирди. “Пахтакор” дарвозабони Владимир Назаров олдинга узатилган тўпни қайтаришда хатога йўл қўйди ва бу вазиятдан фойдаланган Ричард Фрайдэй тўпни дарвозага йўллаб, мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
85-дақиқада “шерлар” жавоб голини уришга муваффақ бўлди. Ҳожимат Эркинов чап қанотдан жарима майдонига узатган тўпни Бобир Абдуҳолиқов дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни тенглаштирди — 1:1.
Учрашувнинг сўнгги дақиқалари ҳам кескин ўтди. Хусусан, 90-дақиқада “Динамо” ҳужумчиси Фирдавс Абдураҳмонов қизил карточка олиб, жамоасини бир киши кам қолдирди. Шунга қарамай, ҳисоб ўйин якунигача ўзгармади.
Натижада, ҳар икки жамоа бир очкодан бўлишиб олди. Ушбу дурангдан кейин “Динамо” очколарини 34 тага етказди ва турнир жадвалининг 3-поғонасига жойлашди. “Пахтакор” эса 30 очко билан 6-ўринни банд этмоқда.
Ўзбекистон Суперлигаси
18-тур
11 август, душанба
“Динамо” — “Пахтакор” 1:1
Голлар: 1:0 — Фрайдей (18), 1:1 — Абдуҳолиқов (85)
Четлатиш: Фирдавс Абдураҳмонов (90)
Изоҳ (0)