Техаснинг Enterprise Products Partners энергетика компанияси охирги 40 йил ичида биринчи марта Америка нефтини экспорт қилади. Бу ҳақда The Wall Street Journal маълумотига таяниб, «Корреспондент.net» хабар беради.
Нефть етказиб бериш 2016 йилнинг январида амалга оширилиши лозим. Компания Техас жанубидан қазиб олинган 600 минг баррель нефтни Хьюстон шаҳридаги терминалдан юклашни режалаштирмоқда.
АҚШ Конгресси 40 йил давомида амал қилган нефть экспорти тақиқини бекор қилгандан сўнг, бир ҳафтадан камроқ вақт ўтиб, экспорт амалга оширилиши тўғрисида маълум қилинди. Ушбу нефтни Нидерландиянинг Vitol Group компанияси қўлга киритади.
Нашрнинг маълум қилишича, нефть Швейцариядаги нефтни қайта ишлаш заводига етказилади. У ердан дизель ва ёқилғининг бошқа турлари Шимолий Европа давлатларига етказиб берилади.
Америка нефтининг Европага экспорт қилиниши Саудия Арабистони, Россия ва Эрон нефтини етказиб беришда рақобатни юзага келтириши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Изоҳ (0)