Гаитида 19 декабрь, шанба куни юз берган тартибсизликлар натижасида бир киши ҳалок бўлди ва бир қанча давлат муассасаларига ўт қўйилди. Тартибсизликлар октябрь ойида бўлиб ўтган президентлик ва парламент сайловлари натижасидан норозилик белгиси сифатида мамлакат шимоли ва жанубида ўтказилди, деб хабар беради «ТАСС».
27 минг киши истиқомат қиладиган Терьер-Руж коммунасида 18 ёшли йигит ўқотар қуролдан яраланиб, ҳалок бўлди. 13 минг киши истиқомат қиладиган Ферьер посёлкасида бир нечта сайлов идораси, мэрия биноси, бир қанча мактабларга ўт қўйилди. Кўчаларда ёнаётган автомобиль покришкаларидан баррикадалар қурилди.
Сайлов натижаларидан норозилик туфайли Жануб департаментида ҳам тартибсизликлар юзага келган.
Гаитида сиёсий инқироз мухолифатнинг Вақтинчалик сайлов кенгаши томонидан эълон қилинган президентлик ва парламент сайловларининг биринчи тури натижасига шубҳа билдирганидан кейин бошланди. Вақтинчалик сайлов кенгаши натижаларни текшириш учун мустақил комиссия тузишдан бош тортганидан кейин зиддиятлар кучайди.
Гаитида 27 декабрь куни президентлик сайловларининг иккинчи тури ўтказилиши керак.
Изоҳ (0)