Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Туркия ОАВларининг унга нисбатан суиқасд уюштирилганлиги ҳақидаги хабарларини рад этди. Бу ҳақда «РИА Новости» берган маълумотларга асосан «Газета.ru» хабар қилмоқда.
«Мен хизмат сафари билан Москвада бўлганимда, Туркиянинг марказий телеканаллари менга нисбатан суиқасд уюштирилганлигини, мен яраланиб шифохонага тушганлигимни маълум қилган. Гарчанд, бу хабар мутлақо асоссиз бўлса-да, ундан турли хил ОАВлар фойдаланган. Улар ҳозиргача бу мавзуни узлуксиз намойиш этиб, муҳокама қилмоқда», ― деди Қодиров.
Чеченистон раҳбарининг таъкидлашича, унга нисбатан қарши мазмундаги маълумотларнинг чоп этилишига, унинг туркиялик ҳарбийлар томонидан уриб туширилган Су-24 самолёти бўйича қатъий нуқтаи назарни эгаллаб турганлиги сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойининг бошларида Қодиров унга нисбатан суиқасднинг олди олингани, суиқасд буюртмачилари Сурияда эканлигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)