Қримда 23 ноябрь, душанба электр энергияси танқислиги туфайли дам олиш куни бўлади. Олдинроқ яриморолда фавқулодда ҳолат жорий этган Қрим раҳбари Сергей Аксенов шундай қарор қабул қилди, дея хабар беради Meduza.
Россия энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 22 ноябрь, якшанба кун ярмига келиб қримликларнинг атиги 27 фоизи электр билан таъминланган, 1,6 миллиондан зиёд киши таъминотсиз қолган. Яриморолда электр энергияси танқислиги Қримга электр узатиладиган Украинанинг Херсон вилоятидаги қурилмалар устунлари номаълум кимсалар томонидан портлатиб юборилганлиги оқибатида юзага келди. Мазкур ҳодиса туфайли яриморол деярли тўлиқ энергиясиз қолди.
Қрим расмийлари шошилинч равишда захира ёқилғисидан фойдаланишга ўтди ҳамда электр ва сув етказиб берилишини чеклади. Шунингдек, кейинчалик электр берилиши бошланган фуқаролар уни тежаш ва иситгичлардан фойдаланмасликка чақирилди. Севастополда троллейбус қатнови бекор қилинди.
Изоҳ (0)