Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 4 ноябрь куни Ўзбекистон – Германия ва Германия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашларининг навбатдаги қўшма мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.
Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, банк-молия, машинасозлик, нефть-газ, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, юқори технологиялар, енгил саноат, тўқимачилик, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, фармацевтика, божхона, суғурта ва экспорт-импорт каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Мажлисда Германия ишбилармонларига Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, инвестиция жалб қилишнинг истиқболли йўналишлари, хусусий мулк ҳимояси ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш кафолатлари тўғрисида маълумот берилди. Меҳмонлар «Навоий», «Жиззах» ва «Ангрен» индустриал зоналаридаги қулайлик ва имтиёзлар, машинасозлик, енгил саноат, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги имкониятлар билан танишди.
Анжуманда Германиянинг қатор йирик компанияларининг вакиллари иштирок этгани ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши катта эканидан далолатдир. Германиянинг Claas, Deutsche Kabel, Knauf, MAN, Lemken, Siemens, Commerzbank каби компаниялари ва молиявий муассасалари вакиллари Ўзбекистон бозоридаги ўз фаолиятини янада кенгайтириш ниятида эканини қайд этди.
Мажлисда Ўзбекистон ва Германия ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, биргаликда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди.
Изоҳ (0)