Руминия пойтахти Бухарестдаги Colectiv тунги клубида юз берган ёнғин оқибатида 200 киши жабрланди, 27 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Slon хабар бермоқда.
«РИА Новости» хабарига кўра, жабрланувчиларнинг аксарияти 18—25 ёш оралиғидаги ёшлардир. Уларнинг барчаси қаттиқ куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. Аксарият жабрланувчиларнинг аҳволи оғир, деб айтилмоқда.
Руминия пойтахтида жойлашган тунги клубдаги ёнғин 31 октябрга ўтар кечаси юз берди. Ёнғинга рок-концерт вақтида отилган мушак сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, муассасанинг ёғоч шифти бирдан аланга олган, шундан сўнг ягона чиқиш йўли томон катта тиқилинч юзага келган. Ҳодиса юз берган вақтда бино ичида, турли маълумотларга кўра, 300—400 киши бўлган.
Руминия президенти Клаус Йоханнис Facebook’даги саҳифаси орқали ҳодиса натижасида ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғаган, ҳозирги вақтда ёнғинни ўчириш ва қутқарув ишлари якунига етган.
Изоҳ (0)