Россиянинг Звёздний городок посёлкаси маъмурияти раҳбари Александр Шчипанов пора олишда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда Meduza Россия ИИВ расмий вакили Елена Алексеева маълумотига таяниб хабар беради.
Елена Алексееванинг сўзларига қараганда, Шчипанов ва яна бир маҳаллий мансабдор – хавфсизлик бўлинмаси бош инспектори 250 минг рубль миқдорида пора олиш давомида қўлга олинган.
«Гумонланувчилар савдо марказини реконструкция қилиш бўйича инвестициявий шартномани имзолаш учун тадбиркордан ҳаммаси бўлиб уч миллион рубль миқдорида пора талаб қилган. Пулнинг биринчи қисмини олиш чоғида тезкор ходимлар томонидан ҳибсга олинди», — дейди Алексеева.
Александр Шчипанов Звёздний городок посёлкаси маъмуриятига 2015 йилнинг июнидан раҳбарлик қилиб келаётган эди.
Изоҳ (0)