Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилаётган паралимпиячилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик тажрибали спортчи Хусниддин Норбеков бронза медалини қўлга киритди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Ядро улоқтириш секторида иштирок этган Хусниддин 14,57 м натижа қайд этиб, кучли учликдан ўрин эгаллади.
Мазкур жаҳон чемпионатида юздан ортиқ давлатдан келган паралимпиячилар совринли ўринлар ҳамда 2016 йилги Паралимпия ўйинларининг йўлланмалари учун баҳс юритмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатининг биринчи кунги баҳсларида ўзбекистонлик Бекжон Чеваров узунликка сакраш мусобақасида 6,65 м натижа қайд этиб, бронза медали билан тақдирланган эди. Эътиборлиси, Чеваров ушбу кўрсаткич билан Осиё рекордини ҳам янгилади.
Маълумот учун. Ўзбекистон спортчилари 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XV ёзги Паралимпия ўйинларига ҳозирча 22 та йўлланмани нақд қилиб қўйган.
Изоҳ (0)